Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Қизилтепа туманининг “Айрончи” маҳалласи туман марказидан қарийб 20 км узоқликда жойлашган. Маҳаллада табиий газдан фойдаланадиган 400 та истеъмолчи мавжуд. Айни вақтда туманнинг 11 та маҳалласида, жумладан, “Айрончи”да ҳам табиий газдан фойдаланувчи истеъмолчилар хондонларига “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда.

Барча тоифадаги истеъмолчилар учун табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимининг жорий этилиши, яъни табиий газ истеъмолчиларига “ақлли” ҳисоблагичларнинг ўратилиши жараёни билан журналистларни яқиндан таништириш мақсадида жорий йилнинг 25 март куни Қизилтепа туманининг “Айрончи” маҳалласида Пресс-тур ташкил этилди.

 

“Замонавий ҳисоблагичлар ва имкониятлар, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида ўтган мазкур тадбирда маҳаллий ОАВ вакиллари, республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари, шунингдек блогерлар иштирок этди.

Тадбир аввалида маҳалла биносида журналистлар билан учрашув ташкил этилиб, унда “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали директори ўринбосари, бош муҳандис Баҳриддин Худоёров тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, “ақлли” ҳисоблагичларни ўрнатиш борасида вилоятда ва Қизилтепа туманида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди. Шундан сўнг тадбир иштирокчиларининг мавзу юзасидан берган саволларига соҳа ходимлари жавоб беришди.

 

Шу ўринда айтиш керак, барча тоифадаги истеъмолчилар учун замонавий – “ақлли” газ ҳисоблагичларининг ўрнатилиши мажбурий бўлиб, уни ўрнатишдан бош тортишга йўл қўйилмайди. Табиий газга ноқонуний уланишларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли орасида истеъмол қилинган табиий газ учун дебитор қарздорлар сонини қисқартиришда ҳам “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатишнинг аҳамияти катта. 

 

2020 йилнинг май ойидан бошлаб, Навоий вилоятида ҳам ана шундай замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошланди. Хусусан, вилоятда табиий газдан фойдаланувчи 152 мингдан ортиқ аҳоли истеъмолчилари  мавжуд бўлиб, 2021 йил якунигача уларнинг хонадонига газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатилиши кўзда тутилган.

 

“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали томонидан айни вақтга қадар вилоят бўйича жами 39059 та, “қизил” ҳудуд ҳисобланган Кармана туманида эса 25 848 та “ақлли” ҳисоблагич истеъмолчиларга ўрнатилди. Жорий йилнинг апрель ойига қадар мазкур туманда аҳоли хонадонларига “ақлли” ҳисобдонлар тўлиқ ўрнатиб бўлинади.

Бундан ташқари, вилоятнинг Қизилтепа, Хатирчи туманлари ва Навоий шаҳар ҳудуди ҳам “қизил” ҳудудга киритилди. Мазкур ҳудудлардан Навоий шаҳрида 41 586 та, Хатирчи туманида 12 456 та ва Қизилтепа туманида эса 19 251 та истеъмолчиларга “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, мазкур ҳудудларда ишлар бошлаб юборилган.

 

Белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида якунлаш мақсадида Қизилтепа туманида 4 та пудратчи ташкилот ва фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида жами 40 нафардан ортиқ пайвандчи ва чилангарлар жалб этилиб, зарур техникалар ҳамда моддий техник ресурслар вақтида етказиб берилмоқда. Натижада бугунги кунга қадар 2700 дан ортиқ “ақлли” ҳисоблагичлар аҳоли хонадонларига ўрнатилди.

 

Мазкур туманда истеъмолчиларга тўлиқ замонавий ҳисобдонларни ўрнатиб бўлиш жорий йилнинг май ойига қадар якунлаш кўзда тўтилган. бўлиб, ҳозирда туманнинг“Ванғози”, “Узилишкент”, “Гулзор”, “Айрончи”, “Гулбоғ”, “Бўстон”, “Сўфиён”, “Ўзбекистон”, “Фурқат”, “Ғойибон”, ва Алишер Навоий” маҳаллаларида “ақлли” газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

 

Пресс-тур давомида журналистлар “Айрончи” маҳалласи истеъмолчилари хонадонларига “ақлли” ҳисоблагичларни ўрнатиш ва уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш жараёнлари билан танишди. Жараёнда тадбир меҳмонларига замонавий ҳисобдонларнинг афзаллиги, ундан фойдаланиш талаблари, дебитор қарздорлик ва табиий газга ноқонуний уланишда бундай ҳисоблагичлар муҳим аҳамиятга эга эканлиги борасида тушунчалар берилди.

Тадбир сўнггида журналистлар маҳаллада соҳа ходимлари томонидан “Обод қишлоқ” дастури доирасида олиб борилаётган ишларни ҳам кўздан кечиришди. 

 

“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали матбуот хизмати

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Кўрилганлар сони: 2830