вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
10.09.2018 17:59:44
Мустақиллик мамлакатимиз тарихида улкан ижобий ўзгаришлар даврини бошлаб берди.
Ҳар бир соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳоли турмуш даражаси юксалишига замин яратилди. Хусусан, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, замонавий ишлаб чиқариш субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида олиб борилган ишлар самарасида ҳудудларда кўплаб янги корхоналар иш бошлади.
Бундай ислоҳотларнинг бир кўриниши сифатида 2008 йилда республикамизда илк бор ташкил этилган "Навоий" эркин иқтисодий зонасида айни пайтда 20 дан ортиқ корхона фаолият олиб бораётган бўлса, уларда минглаб мутахассислар меҳнат қилмоқда.
Автомобилсозлик ютуқлари
Эркин иқтисодий ҳудудда бугунги кунда замонавий ускуналарни ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхоналар томонидан маиший техникалардан тортиб автомобиль эҳтиёт қисмларига қадар зарур воситалар тайёрланмоқда.
Улардан бири "UzMinda" хорижий инвестициялар иштирокидаги масъулияти чекланган жамияти 2010 йилда Ўзбекистон — Ҳиндистон ҳамкорлигида ташкил этилган. Бугунги кунда бу ерда автомобиллар учун йилига 250 минг дона 30 турдаги эҳтиёт қисмлар йиғилмоқда. 90 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган жамоада "GM Uzbekistan" автомобиль заводининг "Damas", "Matiz", "Nexia 3", "Gentra" русумидаги уловлари учун спидометр, эшик тутқичлари ишлаб чиқарилаётир.
— Ишимиз эътиборли бўлишни тақозо этади, — дейди қуйиш цехи оператори Ж. Эргашев. — Бир кунда 540 дона "Nexia 3" автомобили эшиклари учун тутқич ишлаб чиқарамиз. Бу ҳам масъулиятли, ҳам завқли жараён. Ҳар бир қисмнинг сифатли бўлишига аҳамият қаратамиз.
Йиғиш цехида ишлаб чиқарилган қисмлар жамланиб, уларнинг сифати назоратдан ўтказилади. Бу ерда ишчиларнинг асосий қисми ёшлар бўлишига қарамай, улар ўз ишини пухта билиши ва масъулият билан ёндашишининг гувоҳи бўлдик.
Корхонанинг ўзида сифат лабораторияси ташкил этилган бўлиб, қадоқланган маҳсулотлар автомобиль заводларига жўнатилишдан олдин назоратчи ходимлар томонидан яна бир бор текширилади.
Таъкидлаш жоизки, ишчилар учун тиббиёт хонаси, бепул овқатланиш, шунингдек, келиб-кетиш учун автобус қатнови ташкил этилган. Бу эса иш сифати ошиши, унумдорликда муҳим омил бўлмоқда.
— Йил охиригача "Laсetti" ва "Nexia 3" русумлари учун магнитола, спидометр, тутқичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз, — дейди МЧЖ бош директори ўринбосари Т. Ражабов. — Лойиҳа ишга тушиши билан яна ўн кишининг бандлиги таъминланади.
Бир сўз билан айтганда, замонавий технология асосида иш олиб бораётган бундай корхоналар иқтисодиётимизни ривожлантиришга муносиб улуш қўшаётир.
Сархил мева-сабзавотлар — дунё бозорига
Эркин иқтисодий зона таркибида фаолият юритаётган "Agrofresh" қўшма корхонаси Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган. Айни пайтда бу ерда сиғими бўйича мамлакатимиздаги энг йирик ҳажмдаги музлаткичлар мавжуд.
Италия технологияси асосида жиҳозланган 3000 тонна миқдорида сиғимга мўлжалланган мазкур мажмуада республикамизнинг барча вилоятларидаги фермер ва тадбиркорлар ўзлари етиштирган озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли сақлаши ҳамда дунё бозорига экспорт қилиши учун зарур шароитлар яратилган.
— Фаолиятимизнинг асосини совиткичларда сақланаётган мева-сабзавотларни ички ва ташқи бозорга мақбул нархларда етказиб бериш ташкил этади, — дейди корхона иш юритувчиси Ф. Қўчқоров. — Ўтган мавсумда Корея Республикасига 87 тонна гилос, Россияга 60 тонна сабзи, 23 тонна анор, Бирлашган Араб Амирликларига эса 100 тоннадан ортиқ анор, узум, қовун, тарвуз каби маҳсулотларни экспорт қилдик. Бундан ташқари, юртимизда етиштирилаётган мандарин, хурмо, олма, шафтоли, ўрик каби меваларга ҳам дунё бозорида эҳтиёж юқори.
2014 йилда Туркия давлатидан ускуналар келтирилиб, корхонада гилосни қайта ишлаб, қадоқлаш йўлга қўйилди. Натижада ҳар мавсумда 1000 тоннагача маҳсулотни қадоқлаш имконияти яратилди.
Айни пайтда мажмуада 17 нафар ходим доимий иш билан таъминланган. Шунингдек, мева ва сабзавотларнинг ҳосилини йиғиб олиш даврида мавсумий ишчиларнинг сони 200 дан ортади. Корхона Навбаҳор тумани "Қоровултепа" маҳалласи ҳудудидаги 5 гектар майдонда ташкил этилган интенсив боғда етиштирилаётган 100 тоннага яқин олмани тўлиқ экспортга йўналтиради. Бундан ташқари, Қизилтепа туманидаги "Алишер Акбар олмалари", "Хўжа Ажванди бобо", Навбаҳор туманидаги "Аслон бобо" фермер хўжаликлари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
— Бу ердаги музлаткичларда сақланаётган маҳсулотларнинг сифати ва нархи бизга доим манзур бўлган, — дейди сурхондарёлик харидор М.Каримов. — Шу сабабли ушбу корхонадан маҳсулот олиб, мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги бозорларга тезкорлик билан етказамиз. Ҳозир ҳам Тошкент шаҳрида жойлашган савдо марказлари учун 7 тонна сабзи харид қилдик.
Бундай юқори технологияга эга объектнинг хизмат турлари замон талабига тўлиқ жавоб беради. Корхона ёзнинг жазирамасида — ҳаво ҳарорати 50 даражадан юқори бўлган чўл минтақасида жойлашган бўлса-да, бу ердаги захира маҳсулотларнинг сифатига ҳеч қандай зарар етмайди. Шунинг учун ҳам йилнинг исталган вақтида бозор расталарига сархил ва тотли мева-сабзавотлар мунтазам етказиб берилади.
Бундай имкониятлар вилоятимиз экспорт салоҳиятини ошириш баробарида эл дастурхонининг тўкинлиги, турмушимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Тендер савдолари
Тендерлар ва танловлар
Барча юридик ва жисмоний шахслар, чет эл инвесторлари диккатига!!!
Объекты, предоставляемые в аренду
Навоийская областная территориальная конкурсная комиссия объявляет конкурс!
ҳокимлик билан Боғланиш
Тел.: 8 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
Навоий вилояти, Навоий ш.,
Халқлар Дўстлиги кўчаси, 77а