Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

       Муносабат.

Муҳтарам Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бизнинг фаолиятимизга ўз вақтида берилган танқидий ва таҳлилий баҳо бўлди.

     Негаки, хотин-қизлар қўмитаси, айниқса унинг жойлардаги вакиллари аниқ бир мақсад йўлида бирлашмасдан, ҳар бири ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда ишлар эди. Зиммамизга катта вазифалар юклатилган бўлсада, уларни самарали ечиш имкониятлари яратилмаган ёки чекланган ҳолда ишлашга мажбур эдик. Хотин-қизлар қўмитаси сифатида барча масалалар бўйича топшириқлар берилсада, уларни бажариш механизми тўлиқ яратилмаган эди.

         Фармонда кўрсатиб ўтилган камчилик ва муаммолар ҳаётий зарур масалалар бўлиб, улардан кўз юмушнинг иложи йўқ. Биз доим дуч келадиган асосий муаммо нима, ёрдамга муҳтож бўлиб қолган, ўта оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлардир. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ёки ишсиз аёлларга ёрдам кўрсатишда муаммо бўлмайди. Аммо, боши берк кўчага кириб қолган аёлларга ёрдам кўрсатишда, тан олиб айтишимиз керак, кўпинча ожизлик қилиб қолардик. Яъни, молиявий томондан ёрдам кўрсатиш доим ҳам осон кечмасди. Мазкур Фармон билан Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилаётгани ҳамда унинг асосий вазифаси қилиб, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларига кўмаклашиш йўлга қўйилаётгани бундай муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ечимини топиб берди. Шунинг ўзиёқ бизнинг имкониятларимизни минг чандон ошираяпти десам, муболаға бўлмайди. Негаки, чин дилдан ёрдам қилишни хоҳласангу имкониятинг бўлмаса жуда ёмон аҳволга тушиб қоласан. Ўз фаолиятимда шундай ҳолатлар бўлган. Президентимизга минг раҳмат, энди шундай аёлларга ёрдам қўлини чўза оламиз.

      Фармон билан 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича ҳокимликларига бўйсундирилмоқда. Оила ва хотин-қизлар масалаларида тизимли ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ФҲДЁ органи, “Оила” марказининг туман бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилмоқда. Мазкур ваколат ҳам бизга оила муносабатларини мустаҳкамлашга катта имконият яратади.

    Фармонда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларини мустаҳкамлаш бўйича, эрта никоҳларнинг, оилалардаги низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича ишларнинг самарадорлиги паст эканлигига ҳақли равишда танқидий баҳо берилган. Биз бундан тўғри хулоса чиқаришимиз лозим. 1 апрелдан бошлаб фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилаётгани бу борадаги ишларни самарали йўлга қўйиш имконини беради. Биз энди ҳар бир оилага кириб бора оламиз ва таъсир ўтказиш йўли билан бундай нохуш ҳолатларнинг олдини оламиз.

    Бундан ташқари, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояси ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш “Оила” марказининг асосий вазифалари этиб белгилангани ҳам аниқ мақсадга қаратилган ҳамда фаолиятимизни тўғри белгилаб олишга хизмат қилади.

    Шу билан бирга, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Оила” марказининг масъулиятини янада ошириш, ваколатлари доирасини аниқ белгилаб олиш мақсадида қўмита ҳамда марказ, уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбариятининг хотин-қизлар ва оила масалаларини ҳал этишдаги шахсий жавобгарлиги белгиланди. 

  Шунингдек, Фармон билан аёллар маслаҳатхоналари, Зулфия номидаги давлат мукофотини бериш тартибига киритилган ўзгаришлар, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонининг таъсис этилиши, комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқлангани Давлатимиз раҳбарининг биз хотин-қизларга ҳурмат ва эътиборидан дарак бўлиб, аёлларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

 

 Насиба СОДИҚОВА,

Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари -

вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Кўрилганлар сони: 5875