вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
20.11.2018 17:21:04
Навоий шаҳридаги "Ёшлар маркази"да Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган "Ташаббус — 2018" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда фаолият юритаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган 47 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд қатнашди.
Бугун воҳамизда минглаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритаётир. Улар томонидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш имконини бермоқда. Жорий йилнинг шу давригача 16 минг нафарга яқин ишбилармонларга тижорат банклари томонидан 1 триллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.
Танлов доирасида иштирокчилар маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Иқтисодиёт ва саноатнинг турли йўналишлари учун мўлжалланган хилма-хил товар ва буюмлар, миллий ҳунармандчилигимизнинг бой мероси хорижникидан асло қолишмаслиги билан алоҳида эътирофга лойиқ. Бу ерда мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, маиший жиҳозлар, мебель, тўқимачилик ҳамда қўли гул усталар томонидан тайёрланган маҳсулотлар намойиш этилди.
Хатирчилик тадбиркор Рустам Мамедов жорий йилнинг август ойида ўз фаолиятини бошлади. Унинг "Hydro mineral" масъулияти чекланган жамиятида 160 метр чуқурликдан чиқаётган шифобахш булоқ суви бежирим идишларда қадоқланмоқда.
— Бу сувнинг таркибида инсон организми учун кўплаб фойдали элементлар бор, — дейди Р. Мамедов. — У сув ошқозон-ичак, диабет ҳамда жигар касалликларининг енгил турларини даволашда асқотади. Президентимиз раҳбарлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибордан фойдаланиб, фаолиятимизни йўлга қўйдик. Табиий булоқ сувини қадоқлаб, ички бозорга етказиб бермоқдамиз. Тижорат банкидан олинган 650 миллион сўм кредит маблағи эвазига хориждан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. 8 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонамизда кунига 4 минг дона булоқ суви қадоқланмоқда. Келажакда маҳсулотимизни экспорт қилишни ҳам режалаштирганмиз.
Эътиборлиси, кўрик-танловда ўз ўрнига эга бўлган тажрибали ишбилармонлар билан бирга, интилувчан ва ташаббускор ёшлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Улардан бири "Umid Navoiy" хусусий корхонаси раҳбари Умид Пардаевдир.
— Корхонамизда 2 хил хўжалик совуни ва кир ювиш воситалари ишлаб чиқарилаётир, — дейди У. Пардаев. — Айни пайтда бу ерда 3 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Ушбу танловда илк бор қатнашиб, Навоий шаҳар босқичида "Йилнинг энг ёш тадбиркори" деб топилдим. Мана шундай натижани қўлга киритганимдан руҳланиб, фаолиятимни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишни мақсад қилдим.
Ҳунармандларнинг ранг-баранг ишлари танловга келганларнинг алоҳида эътиборини тортди. Халқ усталари томонидан ишланган ноёб буюмларни кўриб, уларнинг бадиий маҳоратига қойил қоласиз. Бу ерда шарқ миниатюраси, ёғочдан ясалган каравот ва сандиқлар, сопол буюмлар, заргарлик безаклари ҳамда бошқа кўплаб турли маҳсулотларни кўриш мумкин.
— Ҳунармандларимизнинг эркин фаолият юритиши, салоҳиятини намойиш қилиши учун барча шароит яратилган, — дейди "Ҳунарманд" уюшмаси Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи Ж. Жумаев. — Жорий йилнинг шу давригача 431 нафар уюшма аъзосига 11 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Айни пайтда ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли дастури асосида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Натижада 1 минг 689 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари корхоналарда янги иш ўринлари яратиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган тадбиркорлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ж. Ўроқов ва вилоят ҳокими Қ. Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида тадбиркорлар сони кундан-кунга кўпаяётганлиги, фермерлар фақат деҳқончилик билан эмас, балки ўзлари етиштираётган маҳсулотларни қайта ишлаётгани, миллий ҳунармандчилик йилдан-йилга ривожланиб бораётганини таъкидлашди.
Танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими санъат усталари ҳамда ёш ижрочиларнинг концерти билан бошланди. Якуний натижаларга кўра, саноат йўналишида "Toshrabot textile" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Феруз Муродов, хизмат кўрсатиш соҳасида "Қизилқум бахт барака" МЧЖга қарашли "Grand М" меҳмонхонаси раҳбари Илҳом Насриддинов "Йилнинг энг яхши тадбиркори" деб эълон қилинди.
— Тўрт юлдузли меҳмонхонамиз 2011 йилда ташкил топган, — дейди И. Насриддинов. — Биз асосан вилоятимизда фаолият юритаётган чет эл фуқароларига хизмат кўрсатамиз. Муассасамиз халқаро талабларга тўла жавоб беради. Барча хоналар жаҳон стандартлари асосида жиҳозланган. Шу вақтгача 2 минг нафардан ортиқ сайёҳларни қабул қилдик.
Қизилтепа туманидаги "Наргиз диёр" фермер хўжалик раҳбари Дилшод Раҳмонов "Йилнинг энг яхши фермери", нуроталик Гулмеҳра Исломова "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" номинациясида ғолиб бўлишди.
— 22 йилдан буён каштачилик билан шуғулланаман, — дейди Г. Исломова. — Унинг сир-асрорларини онамдан ўрганганман. Миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва бойитишга ҳисса қўшиб, шогирдларимга маҳорат сирларини ўргатаётганимдан хурсандман.
Кармана туманидаги "Экспорт пласт продукт" МЧЖ раҳбари Одил Саидов "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" деб топилди.
— Ташкил топганига 3 йил бўлган жамиятимизда 7 нафар ишчи хизмат қилади, — дейди О. Саидов. — Жорий йилда Ҳазора қишлоғидан 60 гектар ер олиб, қалампир, кунгабоқар ва соя ўсимлигини экдик. Белгиланган агротехник тадбирларни сифатли амалга ошириш учун техникаларимиз етарли. Бундан ташқари, "Талқоқ" МФЙда интенсив ҳовуз ташкил этиб, икки турдаги балиқ парвариш қиляпмиз.
Fолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва диплом билан тақдирланди. Таъкидлаш жоизки, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ташаббус" кўрик-танловида қатнашиш истагида бўлган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса мазкур нуфузли тадбирнинг аҳамияти ва кўлами кенгаяётганидан далолат беради.
Тендер савдолари
Тендерлар ва танловлар
Барча юридик ва жисмоний шахслар, чет эл инвесторлари диккатига!!!
Объекты, предоставляемые в аренду
Навоийская областная территориальная конкурсная комиссия объявляет конкурс!
ҳокимлик билан Боғланиш
Тел.: 8 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
Навоий вилояти, Навоий ш.,
Халқлар Дўстлиги кўчаси, 77а