Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳозирги куннинг муҳим талабларидан ҳисобланади. Президентимизнинг жорий йил 19 февралда эълон қилинган «Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ушбу йўналишдаги чора-тадбирларнинг аҳамиятини ошириш ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган.
Юртимиз раҳбарининг 2018 йил 11 октябрда эълон қилинган «Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ республика бўйича 444 та бўш турган давлат кўчмас мулк объекти 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича электрон савдо майдончасида аукционга чиқарилди. Шундан 310 таси 172 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳамда 3 536 та янги иш ўрни яратиш шарти билан 11,2 миллиард сўмга сотилди. Вилоят бўйича эса 23 та бўш турган бино аукционга чиқарилди. Шундан 20 таси 69 миллиард 565 миллион сўм инвестиция киритиш ҳамда 170дан ортиқ янги иш ўрни яратиш шарти билан 781 миллион сўмга сотилди.
Ҳужжатда белгиланган давлат мулки объектларини сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказиш муддати 2020 йил 1 январга қадар узайтирилди.
Янги фармонга мувофиқ, давлат мулки объектларини (акциялардан ташқари) сотиш, жорий йил 1 июлдан давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар «E-ИЖРО АУКЦИОН» электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади. Тўловнинг энг кам ставкаси объектни балансда сақловчилар томонидан ижарага бериш мақсадида кўрсатилган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда кўрсатилади.
Электрон савдо майдончасига 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича қўйилган давлат кўчмас мулк объектлари улар тўлиқ сотилмагунга қадар савдодан олинмайди.
2019 йил 1 мартдан давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари учун сотиб олиш тўловларини тўлашда, савдолар ўтказилган санадаги белгиланган энг кам иш ҳақи баравари миқдорида ҳисобланадиган сотиб олиш тўловлари тўлашнинг белгиланган муддатлари жорий этилди.
Яна бир муҳим жиҳати, хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари пакетлари қонунчиликда назарда тутилган тўлов муддатларини узайтириш ва чегирмалар тақдим этиш механизмлари қўлланилмаган ҳолда сотилади. Ваколатли давлат органлари қарорлари бўйича сотилган давлат мулки объектларининг олди-сотди шартномаларини мажбурий равишда нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
Шунингдек, «нол» харид қийматида сотишда, жумладан, аввал сотилган давлат мулки объектлари бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилган деб қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил давомида янги иш ўринларини сақлаб қолиш тартиби бекор қилинди.
Бундай объектлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва хусусий мулк ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор юртимизда ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши, қолаверса, ишбилармонлик муҳитининг кенгайиши учун яна бир муҳим қадам бўлди.

М. ЭЛМУРОДОВ,
вилоят давлат активларини бошқариш бошқармаси бўлим бошлиғи.

Кўрилганлар сони: 4192