Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари Навоий шаҳридаги муҳташам “Ёшлар маркази”да Навоий вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Навоий  давлат  педагогика  институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамкорлигида “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида III халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Бевосита, Президентимизнинг ташаббуси билан уч йилдан буён Алишер Навоий номи билан аталувчи Навоий вилоятида мутафаккирнинг таваллуд айёми анъанавий тарзда халқаро конференция тусида ўтказилиб келинмоқда.

 Бу йилги конференцияга иштирок этувчи дунёнинг етук навоийшунос олимлари сони янада кенгайгани унинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётганидан далолат беради. Буни бу йилги конференцияга 15 га яқин давлатлардан 50 дан ортиқ таниқли олимлар, тадқиқотчилар иштирок этгани ҳам исботлайди.

5 февраль куни эрта тонгда Венгерия, Ҳиндистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон, Тожикистон ва бошқа бир қатор давлатлардан ташриф буюрган навоийшунос олимлар ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидан таклиф этилган таниқли академиклар, профессор олимлар, ижодкор зиёлилар, маънавият соҳаси фидоийлари, тарғиботчилар, фаоллар, нуронийлар, ўқувчи-ёшлар дастлаб вилоят марказидаги Алишер Навоий номи билан аталувчи истироҳат боғида қад ростлаган шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, улуғ мутафаккирга алоҳида эҳтиром кўрсатдилар.

— Эътироф этиш керакки, жорий йилдан эътиборан Навоий вилоятида Республикамизда илк бор миллатимиз фахри бўлмиш улуғ шоирга чексиз эҳтиром рамзи сифатида Алишер Навоий жамғармаси ташкил этилди, — дейди вилоят Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Улуғбек Сафаров. — Бундан кўзланган асосий мақсад эса, алломанинг бой маданий меросини янада чуқурроқ ўрганиш ва кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш, Навоийнинг дурдона асарларини келгуси авлодларга етказишга қаратилгандир. Нафақат ўзбек миллати, балки барча туркий халқлар, ҳатто жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан бири бўлган шоир номи билан аталадиган шаҳарни жаҳон Навоийшунослигининг илмий марказига айлантириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, муҳтарам Юртбошимизнинг алоҳида эътиборлари билан вилоятда Фанлар Академияси, Алишер Навоий номидаги давлат университети олимларини жалб қилган ҳолда, буюк аллома ҳокидан тупроқ олиб келиб, Навоий шаҳрида зиёратгоҳ ташкил этиш бўйича хайрли ишлар олиб борилмоқда.

 Навоий шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали ёнида унинг музейини ташкил қилиш ва улуғ аллома достонлари қаҳрамонлари боғини яратиш борасида ҳам эзгу саъйи-ҳаракатлар бошлаб юборилди.

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бошланган халқаро конференция ялпи мажлисини вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қ.Турсунов кириш сўзи билан очиб, буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди, бебаҳо мероси, аллома асарларининг инсоният тамаддунидаги аҳамияти хусусида сўз юритиб, барчани қутлуғ байрам билан табриклади.

Халқаро конференцияда сўзга чиққанлар томонидан ҳозирги глобаллашув даврида миллий ўзликни англаш, аждодларимиз яратган бетакрор илмий-ижодий меросни чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар онгига сингдириш муҳим аҳамиятга молик эканлиги таъкидланди.

— Барчамизга маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон республикалари ўртасида сиёсий-иқтисодий, маданий-маърифий алоқалар янада мустаҳкамланди. Аслини олганда, азалдан халқларимизнинг урф-одат, анъана, қадриятлари, турмуш тарзи бир-бирига жуда яқин. Икки қўшни давлатнинг ана шундай дўстлик ва бирдамлик алоқалари мени илҳомлантирди, буюк даҳо – Алишер Навоий асарларини тожик тилига янада кўпроқ таржима қилишга ундади. “Маҳбуб ул-қулуб” шоирнинг энг йирик насрий асари бўлиб, умрининг сўнгги йилларида ёзилган. Мазкур асарни таржима қилиш жараёнида улуғ шоирнинг сўз санъати, турли ўхшатишлар, ташбеҳларнинг маҳорат билан қўлланилганидан ҳайратландим. Ҳозирда унинг мукаммал таржимаси устида ишлаяпман. Конференцияда иштирок этиб, кўплаб давлатларнинг етакчи олимлари, адабиётшунослари билан фикр алмашганим, уларнинг олиб бораётган илмий тадқиқотларидан воқиф бўлганимдан ҳурсандман, — дейди конференция иштирокчиси, Тожикистон Республикаси Фанлар Академияси академиги Кароматулло Олимов.

Куннинг иккинчи ярмида халқаро конференция иштирокчилари шўъбаларга бўлиниб, конференция мавзуси доирасида таклиф ва мулоҳазаларини жамла-дилар.

Биринчи шўъба йиғилишида “Навоий ижодиётининг ахлоқий-маънавий ва ирфоний қатламлари”,  иккинчи шўъба йиғилишида  “Навоий ижодининг хорижда ўрганилиши ва тарғиби”, учинчи шўъба йиғилишида “Навоий ва тилшунослик масалалари”  ҳамда тўртинчи шўъба йиғилишида “Навоий ижоди: тарих, фалсафа, санъат”, бешинчи шўъба йиғилишида “Навоий ижодиётининг ўзбек халқ оғзаки ижоди ва замонавий адабиёт билан муносабати” ва олтинчи шўъба йиғилишида “Таълим муассасаларида Навоий ижодини ўрганиш ва ўргатиш муаммолари”  мавзулари навоийшунос профессор олимлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

— Вилоятингизга биринчи марта ташриф буюришим. Менга шаҳарнинг кенг ва равон ҳамда гўзал, тоза, озода кўчалари, меҳрибон, меҳмондўст одамлари жуда ёқди, — дейди Озарбайжон миллий фанлар академияси академиги Хатира Башили. — Алишер Навоий асарлари нафақат ўзбек халқи, балки бутун инсониятнинг маънавий меросидир. Чунки ҳазрат эл-юртга наф келтиришни олий саодат, деб билган. Унинг ҳар бир қаҳрамони ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳр-муҳаббат, кечиримлилик, бағрикенглик каби фазилатлар билан бойитилган. Буюк мутафаккир асарларида комил инсон ғояси ҳар доим биринчи ўринда туради. Бу қарашлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлигини ҳар лаҳза кўришимиз мумкин. Навоий шаҳрида  ўтказилган халқаро конференцияда Навоийнинг ижоди ҳақида кўплаб янги маълумотларга эга бўлдим.

— Алишер Навоий адабиёт оламидаги буюк сиймолардан биридир. Ҳиндистон заминида ҳам бу ном машҳур ва таниқли. Шоирнинг Ҳиротда адабий муҳит ташкил этиб, кўп ёш қаламкашларга илҳом манбаи бўлгани барчамизга маълум. Вилоятингизда Алишер Навоий жамғармаси ташкил этилганини эшитиб, қувондим. Биз ҳам Ҳиндистонда ана шу жамғарманинг бўлимини йўлга қўйиб, маблағни Навоий асарларини таржима қилиш ва чоп эттиришга сарфлашни ният қиляпмиз. Мен бу улуғ зот ҳақида китоб ёзишни бошлаганман. Бугунги конференция таассуротлари ҳам менга илҳом бағишлаяпти. Улуғ даҳо аждодлари яшаётган ана шу серқуёш заминга яна келиш ниятидаман, — дейди Жавоҳарлаъл Неру номидаги Ҳиндистон Университети профессори Аҳмад Аҳан Ахлоқий.

Халқаро конференция якунида иштирокчилар учун “Фарҳод” маданият саройида санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Унда дастлаб жорий йилда вилоятда ёшлар ўртасида ўтказилган “Навоийлик ёш навоийхонлар” кўрик-танловининг ғолиблари тақдирланди. Танлов натижаларига кўра биринчи ўринни эгаллаб, ғолиб бўлган Кармана туманидаги 28-умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Камола Ҳамроевага вилоят ҳокими Қ.Турсунов томонидан Президент совғаси – “Спарк” автомашинаси топширилди.

— Мен бу эътибордан бениҳоя хурсандман. Китоб ўқишга, адабиётга бўлган иштиёқим мени ҳамиша бадиий адабиётлар билан дўст бўлишга чорлаб келди. Шу ўринда улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий         ғазалларини ёдлаш, аввало улар моҳиятини англашга ҳамиша интилдим. Бугун бу иштиёқим менга катта ютуқ олиб келди. Бу мен қатори, барча тенгдошларимни ҳам руҳлантириб юборди. Китоб ўқишга бўлган қизиқишни янада оширди. Муносиб рағбат учун Президентимиздан чексиз миннатдорман, — дейди Камола Ҳамроева.

 Навоий ғазаллари асосида ижро этилган куй-қўшиқлар эса барчага бир олам қувонч бағишлади.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Кўрилганлар сони: 3827