Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Навоий шаҳридаги муҳташам “Ёшлар маркази”да Навоий вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият маърифат Маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Навоий  давлат  педагогика  институти, Алишер  Навоий номидаги  Тошкент  давлат  ўзбек  тили  ва  адабиёти университети ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамкорлигида “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни”мавзусида II халқаро илмий конференцияси ўтказилди.

Бевосита, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтган йилдан буён Алишер Навоий номи билан аталувчи вилоятда мутафаккирнинг таваллуд айёми анъанавий тарзда халқаро конференция тусида ўтказилиб келинмоқда.

Ўтган йилда илк бор ўтказилган халқаро анжуманда Венгрия, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа давлатларидан ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидан 150 нафарга яқин навоийшунос олимлар, таниқли академик ва профессорлар иштирок этган эди.

Бу йилги конференциямизга эса Республикамизнинг 200 нафарга яқин навоийшунослари ҳамда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан, хусусан  Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон, Тожикистон, Афғонистон ва дунёнинг бошқа бир қатор давлатларидан нуфузли олимлар, тадқиқотчилар иштирок этди.

6 февраль куни эрта тонгдан конференция иштирокчилари дастлаб вилоят марказидаги Алишер Навоий номи билан аталувчи истироҳат боғида қад ростлаган шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, улуғ мутафаккирга алоҳида эҳтиром кўрсатдилар.

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бошланган халқаро конференция ялпи мажлисини Навоий вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қ.Турсунов кириш сўзи билан очиб, буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди, бебаҳо мероси, аллома асарларининг инсоният тамаддунидаги аҳамияти хусусида сўз юритиб, барчани қутлуғ байрам билан табриклади.

Шунингдек, тадбирда профессор Иброҳим Ҳаққулнинг “Навоий ижодиётида “адам ва вужуд” фалсафаси” (Ўзбекистон), Фикрет Туркменнинг “Алишер Навоий ва Анадолу халқ ҳикоялари” (Туркия), Иброҳим Худоёрнинг “Э.Бертельснинг Алишер Навоий ва Фаридиддин Аттор ҳақидаги тадқиқотларининг эрондаги форсий таржималари” (Эрон), Олмос Улвининг  “Бобурнома”нинг Боку нусхаси тавсифи ва унда Алишер Навоийга алоқадор тасвирлар” (Азербайджан), Абдусалом Абдуқодировнинг “Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди тожик мумтоз илму адаб аҳли талқинида” (Тожикистон), Аррал Ҳабибининг “Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти” (Афғонистон) хусусидаги маърузалари тингланди.

Халқаро конференцияда сўзга чиққанлар томонидан ҳозирги глобаллашув даврида миллий ўзликни англаш, аждодларимиз яратган бетакрор илмий-ижодий меросни чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар онгига сингдириш муҳим аҳамиятга молик эканлиги таъкидланди.

Куннинг иккинчи ярмида халқаро конференция иштирокчилари шўъбаларга бўлиниб, конференция мавзуси доирасида таклиф ва мулоҳазаларини жамладилар.

Шўъба йиғилишида “Навоий ижодиётининг маъно, мавзу, диний ва тасаввуфий қатламлари”,  “Навоий ижодининг чет элларда ўрганилиши”, “Навоийнинг давлатчилик ва раҳбар маънавияти ҳақидаги қарашлари”  ҳамда “Ҳозирги ўзбек тили, адабиёти ва халқ оғзаки ижоди”  мавзулари навоийшунос профессор олимлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

— Мен ўтган йили ҳам Навоий шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этган эдим. Бу йилги анжуманда ҳам иштирок этаётганимдан бахтиёрман. Энг эътиборлиси, бу йилги анжуман нуфузи ўтган йилгидан анча юксалганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Конференция доирасида ўрганиладиган мавзулар аҳамияти жиҳатидан барча олимларни Навоийнинг бой маънавий меросини юзасидан янги тадқиқотлар олиб боришга чорламоқда, — дейди Озорбайжондан ташриф буюрган филология фанлари доктори, профессор Олмос Улви.

Шундан сўнг халқаро конференция доирасида навоийшунос олимлар билан журналистлар ўртасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида журналистлар конференция иштирокчиларидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.

— Алишер Навоийнинг илм-фан ва бадиий ижод соҳасида амалга оширган ишлари, жумладан, назм, наср, тарих, дин, тасаввуф, адабиётшунослик, тилшу-нослик йўналишларида яратган дурдона асарлари асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб келмоқда.  Буюк бобокалонимизнинг ўз даврида давлат арбоби, муҳрдор, вазир, олим, ҳоким сифатида ном қозониб, халқпарвар инсон тимсолида тарихда қолгани, юрт тинчлиги, фаровонлиги, ободлиги йўлидаги эзгу ва хайрли ишларни амалга оширгани барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунасидир. Алишер Навоий томонидан туркий ва форсий тилларда яратилган энг бебаҳо асарлар, нодир девонлар, шоҳ байтлар беш асрдан буён инсоният йўли ва қалбини маърифат нурлари билан мунаввар этиб туради, — дейди конференция иштирокчиси, академик Наим Каримов.

Халқаро конференция Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида санъаткорлар томонидан концерт дастури билан давом этди.

Халқаро конференция муносабати билан вилоятда ўзига хос тарзда  “Навоийлик ёш навоийхонлар”  кўрик-танлови ташкил этилаётганлиги улуғ шоир даҳосига яна бир эҳтиром бўлди. Шу муносабат билан  ўқувчи ёшлар ўртасида ташкил этилган танловда вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари фаол иштирок этади. Гала концерт аввалида мазкур кўрик-танлов ғолиблари тантанали равишда тақдирланди. Юздан ортиқ вилоят ёшлари иштирок этган танловда олий ўринни қўлга киритган Кармана туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчисига вилоят ҳокими томонидан Президент совғаси “Спарк” автомашинаси совға қилинди.

Шунингдек, бир гуруҳ хорижлик олимларга Навоий шаҳрининг фахрий фуқаролиги берилди.

 Навоий ғазаллари асосида ижро этилган куй-қўшиқлар эса барчага бир олам қувонч бағишлади.

 

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Кўрилганлар сони: 5656