Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Барчамизга маълумки, ташкилот фаолияти, кўча ва хонадонлар ҳамда бинолар ёруғ, чароғонлигида энергетикларнинг муносиб ҳиссаси бор. Шу боис ҳам касб байрами юртимиз бўйлаб қизғин ва кўтаринки руҳда нишонланади. Эътирофлиси, жамоамизда ходимларимиз томонидан йил давомида аҳамиятга молик ишлар бажарилди.
Якунига етиб бораётган 2018 йилнинг 11 ойида эришган натижаларимиз салмоқли бўлди. Саноат корхоналари, кичик ва ўрта бизнес субъектлари, шунингдек, маиший истеъмолчилар эҳтиёжлари учун 7 миллиард 350 миллион киловатт соат электр энергияси етказиб берилди. 1 миллион 789 минг гекокалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, бу соҳадаги режа бажарилди. Шу ўринда барча истеъмолчиларимиз, айниқса, аҳолининг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талаби кундан-кунга ортиб бораётганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу эса соҳа корхоналари зиммасига янада масъулият юклайди, тизим ходимларидан куч-ғайрат талаб қилади. Мамнуният билан қайд этиш лозимки, иссиқлик ва электр энергиясига талабнинг ошиб бориши юртимиз иқтисодиётининг барқарор ўсаётгани, юртдошларимиз турмуш даражаси ва фаровонлигининг тобора юксалаётганидан дарак беради.
Хабарингиз бор, истеъмолчиларимиз эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида энергетика тизимида ҳам катта инвестиция сиёсати олиб борилаётир. Ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга қаратилган ана шу дастурлар доирасида 2012 йилда корхонамизда республика энергетика тизимидаги илк йирик халқаро лойиҳа — қуввати 478 мегаватт бўлган комбинациялашган буғ-газ қурилмаси ўрнатилган бўлса, шу кунларда иккинчи навбатдаги лойиҳа — 450 мегаватт қувватли яна бир қурилма жадаллик билан барпо этилмоқда. Яқинда унинг газ турбинасини ишчи режимига ўтказиб, тармоққа улаш кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, қурилиш тўла тугалланмасдан ҳам қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
2019 йил охирида эса лойиҳанинг буғ турбинасини ҳам тармоққа улаш режалаштирилган. Шу кунларда қурилишда бир ярим минг нафардан ортиқ қурувчи-монтажчи ҳамда 85 га яқин махсус қурилиш техникаси иш билан банд.
Жорий йилнинг ноябр ойидан бошлаб станциямиз базасида юртимизда ишга туширилиши режалаштирилаётган замонавий (газ турбинали ва буғ-газ) қурилмалар учун ходимлар тайёрлайдиган ва қайта тайёрлайдиган ўқув маркази иш бошлади. Марказ Япония халқаро ҳамкорлик Агентлиги (ЖИCА)нинг молиявий кўмаги ва техник ҳамкорлигида ташкил этилди. ЖИCА экспертлари томонидан икки йил давомида 12 йўналиш бўйича тингловчилар билан назарий ҳамда амалий машғулотлар олиб борувчи инструкторлар тайёрланди. Улар 2017 ва 2018 йиллар давомида Япониянинг ўқув марказлари ва энергетика машинасозлиги компаниялари корхоналарида ўз амалий тажрибасини ошириб қайтди. Тайёргарлик дастурларини тўла ўзлаштирган 14 нафар инструкторимизга назарий ва амалий машғулотлар ўтиш ҳуқуқини берадиган сертификатлар тақдим қилинди.
Корхонамизда иқтидорли ёшларга ишонч билдирилиб, станция фаолиятида уларнинг ўрни ва иштирокига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда замонавий қурилмалар эксплуатациясини ўзлаштириш, ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлашда ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Ёшларнинг аксарияти қурилмаларни мустақил ўрганиб, йўриқномаларни инглиз тилидан бевосита ўзлари таржима қилган ҳолда тузиб чиқди. Бугунги кунда ўз билим ва тажрибаларини тизимдаги бошқа иссиқлик электр станцияларининг ходимлари билан бўлишяпти.
Давлатимиз раҳбарининг соҳага доир қатор қарор ва фармонлари асосида корхонамизда 2019 2021 йилларда учинчи — қуввати 450 мегаваттли қурилма лойиҳасини амалга ошириш белгиланган. Ходимларимиз лойиҳа устида иш олиб боришмоқда. Бу борада салмоқли тажриба орттирган мутахассисларимиз масъулиятли вазифани ҳам шараф билан уддалашларига асло шубҳа йўқ.

Қ. ҒАНИЕВ,
«Навоий ИEС» АЖ бош директори

Кўрилганлар сони: 4385