Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдаги қирқ саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Депутатлар дастлаб вилоятнинг 2018 йилги бюджети ижроси ҳамда 2019 йилги маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисидаги масалани муҳокама қилишди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Навоий вилоятининг 2019 йилга мўлжалланаётган маҳаллий бюджет параметрларини қабул қилинди. 2018 йилда маҳаллий бюджетнинг даромад қисми 1 триллион 188,1 миллиард сўмга, харажат қисми 1 триллион 538,9 миллиард сўмга ижро этилгани таъкидланди. Молия бош бошқармаси ва бошқа мутасаддиларга маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш топширилди.
Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссия фаолияти ҳудудий комиссия раиси Н.Тоғаеванинг ахбороти тингланди. Бу борада олиб борилган ишлар талаб даражасида эмаслиги қайд этилиб, маҳаллий бошқарув ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларига фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, ўқувчи ва талабаларни мажбурий меҳнатга ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалик ишларига, металл чиқиндилари ва макулатура йиғишга жалб қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди. Бу каби ҳолатларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чора қўлланишини, корхона ва ташкилотларда халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини акс эттирувчи тарғибот воситалари ҳамда бурчаклар ташкил этилишини таъминлаш вазифаси юкланди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган 14 та конвенциясида белгиланган талаблар бажарилиши бўйича соҳа ходимлари билан ўқув-семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказиш, янги ташкил этилаётган корхона ва муассасаларда муносиб меҳнат шароитларини яратиш, санитария-гигиена талабларига мувофиқ меҳнат хавфсизлиги, фуқароларнинг меҳнатга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, мавсумий дала ишлари (ипак қуртини етиштириш, полиз экинларини териш, ғалла йиғиш, пахта йиғим-терими ва ҳоказолар)га жалб этмаслик бўйича мониторинг олиб бориш хусусида қарор қабул қилинди.
Навоий шаҳри ва Қизилтепа туманидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ишчи гуруҳи штаб вакили М. Ҳамидов маълумот берди. Таъкидланишича, вилоят марказида аниқланган 2 минг 645 та муаммонинг 2 минг 26 таси, қизилтепадаги 3 минг 221 та муаммонинг 2 минг 851 таси жойида ҳал этилди. Қолган масалаларни ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш юзасидан секторлар раҳбарлари ва масъулларга кўрсатма берилди.
2018 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси ҳамда 2019 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида бандлик бош бошқармаси раҳбари Э. Авезовнинг ҳисоботи муҳокамасида сўз олган депутатлар ишламай турган кичик корхоналар фаолиятини тиклаш, кредит ресурслари ҳажмини, хусусан, қишлоқ жойларида хизмат кўрсатиш, сервис объектларини ишга тушириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, уларга қулай шарт-шароит яратиб бериш эвазига иш ўринлари яратиш бўйича таклифлар билдиришди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 декабрда эълон қилинган «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси тўғрисида маданият бошқармаси бошлиғи Н. Ниёзовнинг ахбороти тингланди. Объектлар муҳофазаси, инвентаризасияси, реконструкцияси, бой тарихимизнинг ёш авлод орасида кенг тарғиботи каба масалалар бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг халқ депутатлари вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Ю. Маликов вилоятда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг саломатлиги, санитария ва эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан ахборот берди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий ва экологик маданиятни оширишга алоҳида этибор қаратилмоқда. Фуқаролар томонидан атроф-муҳитни асраб-авайлашга қаратилган ҳуқуқий меъёрлар мустаҳкамланган. Аммо таҳлиллар шуни кўрсатдики, табиий муҳитга зарарли моддалар, жумладан, маиший чиқиндилар чиқариш, белгиланмаган жойларга жойлаштириш, оқова сувларига оқизиш оқибатида жорий йилда 11 нафар юридик, 311 нафар жисмоний шахсларга нисбатан чора қўллашга тўғри келди. Улардан 115 миллион 845 минг сўм миқдорида жарима ундирилди. Йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, аҳоли орасида «Eкологик маданият» тарғиботи ҳамда соҳада назоратни кучайтириш, оила ва маҳаллалар ўртасида ободончилик борасида турли танловлар уюштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Республикамиз Президентининг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» номли маърузаси мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётида тарихий аҳамиятга эга ҳодиса бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида барча даражадаги вакиллик органларининг роли ва таъсирини ошириш, маҳаллий ижроия органларининг халқ депутатлари ҳудудий Кенгашларида ҳисобот ва ахборот бериш тартиби йўлга қўйилиб, улар фаолияти устидан таъсирчан депутатлик ва халқ назорати йўлга қўйилмоқда. Айни пайтда вилоятимизда сиёсий партиялар ва халқ депутатлари кенгаши фаолиятининг таҳлили улар томонидан ҳудудда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича қонунчиликда белгиланган ваколат ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётганлигини, ҳанузгача аҳоли ҳаётида, фуқаролар онгида мустаҳкам ўрнини эгаллай олмаганлигини кўрсатяпти. Уларнинг иш услубини тубдан ўзгартиришни, аҳоли билан доимий мулоқотини ва таъсирчан депутатлик назоратини самарали йўлга қўйишни бугунги ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Президентимиз маърузасида кўтарилган масалалардан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотлари фаолиятидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш бўйича тегишли раҳбарларга кўрсатма берилди.
Шунингдек, депутатлар Кенгаш, унинг доимий комиссияларининг 2018 йилдаги фаолиятини ва бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. Кенгашининг 2019 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди. Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Олим ЖАЛИЛОВ,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

Кўрилганлар сони: 4441