Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

26 январь куни вилоят ҳокими Қ. Турсунов Навбаҳор қишлоқ хўжалик ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида сайёр қабул ўтказди. Учрашувда вилоят ташкилот ва муассасалари, секторлар раҳбарлари иштирок этди. 

Тадбирда ўтган йилда ҳудудни иж­тимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бажарилган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, "Обод қишлоқ" Давлат дастури доирасида "Қуш­қочди", "Ялтиработ" маҳаллаларида амалга оширилган бунёдкорлик жараёни натижасида ҳудудлар кўр­камлашгани алоҳида эътироф этил­ди. Бундан ташқари, туман миқёсида  ўтган йилда 2017 йилга нисбатан умумий ўрта таълим муассасалари, маҳаллалар бинолари ва йўл қури­ли­ши икки бараварга, мактабгача таълим объектлари бир ярим, соғ­лиқни сақлаш тизими иншоотлари ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари уч бараварга ортгани таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда маҳаллий кенгашлар депутатлари фаолияти суст даражада бораётгани, туманда тадбиркорликни ривожлантиришда кенг имкониятлар бўла туриб, аҳоли бундан унумли фойдаланмаётгани, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ташаббусларининг камлиги, айрим юртдошларимиз орасида ҳанузгача боқимандалик кайфияти мавжудлиги айтиб ўтил­ди. Аҳоли мурожаатлари, уларни қийнаётган муаммолар ва камчи­ликларни бартараф этиш чорала­рига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу ерда истиқомат қилаётган фу­қа­ролар ички йўллар таъмири, тиб­бий хизмат сифатини ошириш, аҳо­лига имтиёзли нархларда сотилаёт­ган ун маҳсулотининг ўз вақтида келтирилиши бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди.

— Бу учрашувнинг қишлоғимизда ўтказилгани айни муддао бўл­ди, — дейди "Қизилтепа" маҳалласида яшовчи А. Бў­ронов. — Мулоқот давомида 31-умумий ўрта таълим мак­та­би­даги мавжуд муаммолар ҳамда янги мактабгача таълим муас­­са­саси ташкил этиш ҳақидаги таклифим ижобий қабул қилинди. Янги ўқув йилидан бошлаб фарзандларимиз таҳсилни барча шароитларга эга таълим даргоҳида давом эттиради. Мазкур ма­сала ижобий ечим топиши учун зарур кўрсатмалар бе­рилганидан мумнунмиз.

Айни пайтда аҳолини қийнаётган масалалар, хусусан, ижти­моий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви етказиб бериш тизимини янада та­комиллаштириш, фермерлар ва тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган камчиликлар, ишсизликни бартараф этиш йўл­лари муҳокама қилинди.

Жумладан, "Янги куч" маҳалласидан А. Шодиевнинг аҳолига си­фатли кўмир маҳсулоти етказиб бериш, "Меҳнат" маҳалласида яшовчи М. Ходжаевнинг фермер хўжаликлари ва томорқаларда юзага келаётган ер шўрланиши жараёнини камайтириш мақ­садида зовур қазилиши зарурлиги, "Учтут" маҳалласидан               С. Маматовнинг ҳудудда хусусий мактабгача таълим муассасаси таш­кил этилиши ҳақидаги мурожаатлари ижобий ҳал этилиши юзасидан муассаса ва ташкилотлар вакиллари билан келишиб олинди, "Қалқонота" маҳалласидан Д. Жўраева эса жамоатчилик асо­­сида ишга жойлаштирилди.

Бундан ташқари, йиғилишда томорқа маданиятини юксал­ти­риш, қишлоқларда оилавий мактабгача таълим муас­са­салари фао­лиятини йўлга қўйиш, чорвачилик ва парран­да­чи­ликни ри­вож­лантириш, ободонлантириш ишларида маҳалла фаоллари­нинг ролини кучайтириш, тадбиркорларга бўш тур­ган бино­лар­дан фойдаланишда имтиёз ва имкониятлар бериш, кредитлар аж­ратиш масалалари бўйича ҳам йўл-йўриқлар кўрсатилди.    

Ҳудудлардаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари, қолаверса, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгининг ошиб боришида бу каби учрашувларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

Ўз мухбиримиз.     

Кўрилганлар сони: 4775